“Ислом давлати”га молиявий ëрдам берганликда айбланган қозоғистонлик АҚШда 15 йилга қамалди

Нью-Йоркнинг Бруклин мавзесида яшаб келган 22 яшар Аҳрор Саидахметов “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига молиявий ëрдам беришга уринганликда айбдор деб топилди ва 15 йиллик қамоққа ҳукм этилди.

Нью-Йорк прокуратураси ходималрининг билдиришича¸ қамоқ жазоси ўтаб бўлинганидан сўнг Саидахметов АҚШ ҳудудидан чиқариб юборилади.

Саидахметов 2015 йил февраль ойида Нью-Йоркнинг Жон Кеннеди халқаро аэропортида қўлга олинган олти шахсдан биридир.

Истанбулга учиб кетиш олдидан ушлаган бу шахслар¸ прокурорларга кўра¸ Туркия орқали Сурияга ўтиб¸ у ерда “Ислом давлати” сафига қўшилиш режасида бўлган.

Октябрь ойида Саидахметов билан ҳибсга олинган ўзбекистонлик Абдурасул Жўрабоев 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Ушланганлардан яна бири Аброр Ҳабибов 2017 йил августида "Ислом давлати" террор гуруҳига ёрдам беришни режалаганлик юзасидан билдирилган айбловларни тан олди.

Нью-Йорк аэропортида ушланган яна икки ўзбекистонлик Дилҳаёт Қосимов ва Акмал Зокиров ҳозирча Нью Йорк ҳибсхонасида суд ҳукмини кутмоқда.