Ўзбекистон БМТнинг Қуддус масаласидаги резолюциясини қўллаб-қувватлади

БМТ Бош Ассамблеяси.

БМТ Бош ассамблеяси АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиши ноқонуний эканини тасдиқловчи резолюцияни қабул қилди.

Резолюцияни 128 давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам қўллади, 9 давлат қарши овоз берди, 35 давлат эса бетараф қолди.

21 декабрда қабул қилинган мазкур резолюция Дональд Трампга нисбатан жиддий эътироз сифатида қабул қилинмоқда. Трамп резолюция қабул қилинишидан бир кун олдин Вашингтонда сўзлаган нутқида “ким БМТда АҚШга қарши резолюцияни қўлласа, уни АҚШнинг моддий ёрдамидан маҳрум қиламиз”, деб билдирган эди.

Резолюцияни қўллаб овоз берган давлатлар орасида Германия, Британия,Франция, Япония каби АҚШнинг энг яқин иттифоқчилари бор. Австралия, Мексика ва Канада каби давлатлар бетараф қолди. АҚШ, Исроил, Гватемала, Гондурас, Маршал ороллари, Микронезия, Науру, Палау ва Того резолюцияга қарши овоз берди.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос резолюция қабул қилинишини “Фаластиннинг ғалабаси”, деб атади. Исроил эса Трампга “қатъий позицияси” учун миннатдорчилик билдирди.