Андижон вилояти Шаҳрихон тумани Пахтаобод қишлоғида яшовчи кекса киши ўз ўғлини ўлдирди, деб ёзди "Постда" газетаси. Бироқ ота ўз қилмишидан пушаймон эмас.
Милиция ходимига пичоқ билан ҳамла қилган ватандош озодликдан маҳрум этилди
Бухоро вилояти Когон шаҳрида ички ишлар ходимига пичоқ билан ҳамла қилиш ҳолати қайд этилди (“Ҳуқуқ”, 21 декабрь).
Шаҳарнинг Ипак йўли маҳалласидаги хонадон эгаси ўз уйида базм ташкил этиб, танишлари билан ичкиликбозлик қилган. Сўнгра эр-хотин ўртасида даҳанаки жанг чиққан. Тўполон устигаҳудуд профилактика инспектори кириб келган.
Қайд этилишича, маст бўлиб қолган уй эгаси милиция ходимининг қонуний талабига бўйсунмаган ва унга пичоқ билан ҳужум қилиб, унга тан жароҳати етказишга уринган. Милиция ходими ўзини ҳимоя қилгач, унинг бошига коса билан уриб тан жароҳати етказган. Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди ИИБ ходимига жароҳат етказган ватандошга 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган.
Андижон: ўз ўғлини ўлдирган ота қилмишидан пушаймон эмас
Андижон вилояти Шаҳрихон тумани Пахтаобод қишлоғида яшовчи кекса киши ўз ўғлини ўлдирди (“Постда”, 16 декабрь).
Исми ошкор этилмаган мақтул серфарзанд оилада кенжа ўғил бўлган. Ота-она кенжа фарзандининг оғзидан чиққанини муҳайё қилган ва оқибатда у дангаса, такасалтанг бўлиб вояга етган. Йигит ёшига етганидан кейин ҳам айш-ишратни тарк этмаган. Ота-она эрка фарзанди босилармикан деб уни уйлантириб қўйган, аммо фойдаси бўлмаган. Кенжа фарзанд навбатдаги марта маст ҳолда келиб ота-онаси ҳузурида жанжал чиқаради.
Тоқати тоқ бўлган ота ўғлининг бошига шиша билан уриб ўлдиради, сўнг уни яширинча қишлоқдаги тутзорга кўмиб юборади. Ўғлини эса Тошкентга ишлагани кетган, дея гап тарқатади.
Марҳумнинг жасадини тутзорда қўй боқиб юрган ўсмирнинг ити пайқаб қолади. Айбига иқрор бўлган ота “Қилмишимдан ҳеч ҳам афсусланмайман, агар уни ўлдирмаганимда, ўзи бизлардан биримизни ўлдирган бўларди” деган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган.
Тошкентда ўнлаб ватандошни чув туширган прокуратура “ходими” қўлга олинди
Тошкентда ўнлаб ватандошдан товламачилик йўли билан катта миқдорда пул ундирган прокуратура “ходими” қўлга олинди (“Ҳуррият”, 20 декабрь).
Бир неча марта судланиб, хавфли рецидивист деб топилган Даврон Исоқжонов прокуратура ходими деган сохта гувоҳнома ясаган ва пойтахтдаги Янгиобод бозоридан кишан сотиб олган. Сўнгра Чилонзор туманидаги дорихонадан “Трамадол” ва “Лирика” дориларини сотиб олган ватандошларга сохта гувоҳнома кўрсатиб, жиноий иш очилиши билан қўрқитиб, улардан пул талаб қилган.
Шу тариқа прокуратура “ходими” Д.Исоқжонов ўнлаб ватандошдан “жиноий иш”ни ёпиш эвазига 1000-1200 доллардан пул олган. Фирибгарнинг қилмиши фош бўлгач, унга тегишл жазо берилгани хабар қилинган.