AI: Собиқ совет давлатларида ЛГБТ ҳуқуқлари бузилмоқда

Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти собиқ совет мамлакатларининг баъзиларида ЛГБТ ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланган гуруҳларга тазйиқлар кучайганини билдирди.

Ташкилотнинг 22 декабрдаги баёнотида ЛГБТ ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланган гуруҳлар Арманистон, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистонда тобора кўпроқ дискриминацияга дуч келаётгани айтилган.

Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директор ўринбосари Денис Кривошеев тилга олинган 4 мамлакатда ноанъанавий жинсий ориентацияли кишилар азалдан босимга учраб келгани, бироқ вазият Россия оммавий ахборот воситалари таъсирида янада абгорлашганини қайд этди.

“Россиянинг ЛГБТ ҳуқуқларини Ғарб қадриятлари сифатидаги талқини бошқа ҳудудларда ҳам мустаҳкам ўрин олаётгандай”, деди Кривошеев.

Россия билан алоқалари тиғиз бўлган бу 4 давлат ҳозирча халқаро ташкилотнинг баёнотига муносабат билдиргани йўқ. Бироқ бу давлатлар айрим расмийлари ЛГБТ ҳуқуқлари бўйича айбловларни шу пайтгача рад этиб келган.