Пахта ҳосили камлигидан амалдорлар норози, фермерлар давлатни айбламоқда

Туркманистонлик пахтакоролар.

Туркманистон раҳбарияти бу йил пахта ҳосили камлигидан қониқиш ҳосил қилмаяпти, айни пайтда айрим фермерларнинг таъкидлашича, давлат йиғиб олинган ҳосил учун ҳамон пул бермаяпти.

Дашоғузлик бир гуруҳ фермерларнинг “Озодлик”ка айтишича, улар давлатга топширилган ҳосили учун ҳамон пул олмаган. Ҳисобларига пул ўтказилган фермерлар эса банкоматларда пул йўқлиги сабабли ўз пулларини нақдлаштира олишмаяпти.

Ноябрь ойи охирларида президент Гурбангули Бердимуҳамедов йиғиб олинган ҳосил миқдорининг камлигидан, шунингдек айрим вилоятларда ҳосил ўз вақтида йиғиштириб олинмаганидан ўз норозилигини билдирган эди. Давлат раҳбари ҳосил чўғининг камлиги сабабларини ойдинлаштирмади, фақат маҳаллий раҳбарларни ишдан олиб, ҳайфсан бериш билан чекланди, холос.

Фермерларнинг сўзларига қараганда, йиғиштириб олинган ҳосилнинг камлиги пахтакорларнинг ўзига зарар келтирди. Фермерларнинг айтишича, буларнинг ҳаммасига ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармаган давлат айбдордир.

“Улар кам ишлов берилган ерларга чигит экишни талаб қилишди. Сифатсиз уруғ эрта қадалгани сабабли, деярли барча вилоятларда чигит униб чиқмади, нобуд бўлди. Шундан кейин такрорий экишимизни талаб қилишди. Май ойи сўнгида маҳаллий амалдорлар барча қишлоқларга бориб, экин-тикин ишларини шахсан назорат қилди. Бунинг оқибатида экин экиш ишлари ёз бошланишига атиги бир неча кун қолганида якунланди", - дейди “Озодлик” суҳбатдоши.

Фермерларнинг айтишича, чигит униб чиққанида минерал ўғитларга эҳтиёж пайдо бўлди, бироқ ўша вақтда ўта зарур бўлган азот топилмади. Унинг ўрнига август бошларида эмас, балки эрта баҳорда қўлланилиши керак бўлган минерал ўғит берилди.