Тошкентдаги 51 сайлов округида туман Кенгашларига қайта сайлов ўтказилади

Сайловчи овоз бермоыда.

Тошкентдаги 51та сайлов округида пойтахт туман кенгашлари депутатлигига сайлов қайта ўтказилади.

“Газета уз” нашрининг 25 декабрда хабар беришича, Тошкент шаҳар сайлов комиссияси 330та сайлов округидан 279тасида ўтказилган овоз бериш натижаларини қониқарли деб топган. Қолган 51та сайлов участкасида қандай сабаблар туфайли қайта сайлов ўтказилиши ҳақида маълумот берилмаган. Қайта овоз бериш куни яқин кунларда аниқланиши билдирилди.

Тошкент шаҳар сайлов комиссияси раиси Ҳамид Каримов 25 декабрда сайловнинг дастлабки натижаларини эълон қилди. Унга кўра, сайловда 1 миллион 267 мингдан кўпроқ сайловчи иштирок этган. Бу эса овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганларнинг 81,2 фоизини ташкил қилади.

Туман кенгашларидаги кўпчилик ўринларни Либерал-демократик партия эгаллаган. Мазкур партия 114 ўринга, “Миллий тикланиш” демократик партияси 45 ўринга, Халқ-демократик партияси 41 ўринга, “Адолат” социал демократик партияси 33 ўринга эга бўлган. Маҳаллий ўз - ўзини бошқариш органларидан 46 киши сайланган.

Депутатликка номзод сифатида Тошкентда 1650 одам рўйхатга олинган эди. Тошкентдаги 11та туманда янгидан ташкил қилинган кенгашларнинг ҳар бирига 30 нафардан депутат сайланади.