Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати 26 декабрь куни Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев устидан ўтказилган маҳкама қарорини эълон қилди.
" Андижон шаҳар ҳокими Д.Раҳматуллаев жорий йилнинг 16 октябрь куни шаҳардаги бир қатор таълим муассасалари раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилганлиги ҳолати юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан текшириш ўтказилди.
Текшириш давомида вилоят прокуратураси томонидан киритилган тақдимнома асосида халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши томонидан Д.Раҳматуллаевни маъмурий жавобгарликка тортишга розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Текшириш натижасига кўра, Д.Раҳматуллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддаси (ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилган.
Суднинг қарори билан Д.Раҳматуллаев Ўзбекистон Республикаси МЖтК 41-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима жазоси қўлланилган¸" дейилади прокуратура хабарида.
Ўзбекистонда белгиланган энг кам иш ҳақининг 30 баравари 5 миллион 167 200 сўмга тенгдир.
Айни пайтда¸ Андижон шаҳар ҳокимининг лавозимидан озод этилгани ҳақида маълумот йўқ.
Андижон ҳокими пахтага сафарбарлик масаласида ўтказилган мажлисда таълим ва маҳалла мутасаддиларини қаттиқ ҳақорат қилгани ëзилган аудиоëзув биринчи марта Озодлик томонидан жамоатчиликка эълон қилинган эди.