Саудия Арабистони Ўзбекистон учун 2018 йилга мўлжалланган Умра квотасини деярли икки баробарга кўпайтирди.
Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси вакилига таянган ҳолда 28 декабрда хабар берган Новости агентлигининг ёзишича, 2018 йили 10 минг ўзбекистонлик Умра зиёратини амалга оширади. Аввалги йилларда Умра зиёратига ҳар йили 6 минг нафарга яқин ўзбекистонлик жўнатилар эди.
Диний идора вакили бундай келишувга Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитаси, Мусулмонлар идораси раҳбариятининг Ҳаж ва Умра зиёратлари бўйича Саудия Арабистони ҳукуматининг ҳамкори ҳисобланган Al-Hidaya ширкати вакиллари билан ўтказган музокараси чоғида эришилганини айтди.
Жорий йилда Ўзбекистон учун Ҳаж квотаси 1,4 мартага оширилиб, 7 минг 200 кишига етказилган эди. Бироқ Умра квотаси 6 минг киши миқдорида сақланиб қолинган эди.