“Энди Косон ва Чироқчи туманларидаги 20 мингдан ортиқ хонадонда чироқ ўчмайди”, деб хабар берди ЎзА.
Миллий ахборот агентлигининг билдиришича, Қашқадарё вилоятининг Косон тумани Раим Сўфи номидаги маҳалла фуқаролар йиғинида умумий қуввати 32 мегаватт бўлган “Турон” подстанцияси ва 28 километр узунликда 2 занжирли 110 кВт.ли ҳаво линияси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
“Косон туманидаги Раим Сўфи, Ёдгор, Алатўн, Хўжақудуқ, Алачабоп, Бўрихона, Яккасарой, Ўйрот, Карракли қишлоқлари вилоятнинг чекка чўл ҳудудларида жойлашган аҳоли пунктлари ҳисобланади. Ушбу қишлоқлар аҳолиси узоқ йиллардан буён электр токи етишмаслигидан қийналиб келарди”, дейилади ЎзА хабарида.
Маълумотга қараганда, мазкур лойиҳани амалга ошириш учун 30 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ сарфланган.
Лойиҳанинг амалга оширилиши ортидан Косон ва Чироқчи туманларидаги 20 мингдан ортиқ хонадон, “Шўртаннефтгаз” масъулияти чекланган жамиятига қарашли нефть қудуқлари ҳамда ҳудуддаги 100 дан ортиқ бошқа юридик истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш имконияти яратилди.