Хитой транспорт вазирлиги берган маълумотга кўра, 6 январь куни оқшом нефть ва юк ташувчи кемалар тўқнашиши оқибатида, аксарияти эронлик бўлган 32 кишининг тақдири номаълум қолмоқда.
Тўқнашув Хитойнинг шарқий соҳилида содир бўлди. Натижада, узунлиги 274 метр бўлган ва ҳодиса вақтида 136 минг тонна ёнилғини Жанубий Кореяга олиб бораётган нефть танкери ёниб кетди.
Хитой томони бу танкер билан тўқнашган юк ташувчи кема бортидаги 21 нафар хитойликнинг ҳаммаси қутқариб олинганини билдирди. Бу каргода 64 минг тонна буғдой бор эди.
Ёниб кетган "Санчи" номли танкер Панамада рўйхатга олинган, айни пайтда, уни Эрон ижарага олган эди.
Синьхуа агентлиги хабарига кўра, ҳозирда Хитой ва Жанубий Кореяга қарашли кема ҳамда вертолётлар ёрдамида қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.