Хитой матбуоти 8 январда мамлакатнинг шарқий соҳилида ҳалокатга учраган Эрон нефть ташувчикемаси портлаб кетиши мумкинлигини маълум қилди.
Айни пайтда 6 январь куни юз берган ҳалокат оқибатида аксарияти эронлик бўлган 32 кишини қидириш ишлари давом этмоқда.
Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Лу Канг Бейжинда 8 январда ўтган матбуот анжуманида қидирилаётган эронликлардан бирининг жасади топилганини айтди:
-Хитой қутқарувчи кемалари бугун 10:30ларда бир жасадни топди. Бироқ унинг шахсини аниқлаш талаб қилинади. Хитой ҳукумати бу ҳалокатдан ташвиш билдириб, воқеа жойига бир қатор қутқарувчи кемаларни юборди. Бироқ ёмонлашган об-ҳаво шароити қидирув ишларининг сифатига таъсир қилмоқда. Биз бедарак йўқолган барча одамларни қидириб топишга ҳаракат қилаяпмиз, -дебди Лу Канг.
6 январда Эроннинг нефть ташувчи ва Хитойнинг юк ташувчи кемалари тўқнашгани оқибатида,узунлиги 274 метр бўлган ва ҳодиса вақтида 136 минг тонна ёнилғини Жанубий Кореяга олиб бораётган нефть танкери ёниб кетган эди.
Хитой томони бу танкер билан тўқнашган юк ташувчи кема бортидаги 21 нафар хитойликнинг ҳаммаси қутқариб олинганини билдирди.