АҚШ президенти Дональд Трамп 16 январда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан Вашингтонда учрашади.
Оқ Уйнинг маълум қилишича: “Икки давлат лидерлари минтақавий хавфсизлик ва иқтисодий алоқалар йўналишидаги стратегик ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади”.
Қозоғистоннинг БМТдаги элчиси Кайрат Умаров 1 январдан ротация асосида БМТ Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимига киришди. Унинг раислигида ҳозиргача Хавфсизлик кенгаши Эрондаги намойишлар ва бошқа баҳсли масалаларни муҳокама қилди.
Оқ Уйнинг билдиришича, Трамп ва Назарбоев учрашувида Хавфсизлик кенгашида яқин кунларда кўриб чиқиладиган Афғонистон масаласи ҳам муҳокама этилади.
Нурсултон Назарбоев 9 январда АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Жорж Кролни қабул қилиб, Вашингтон билан 26 йил аввал ўрнатилган “дўстона муносабатлар” давом этишидан умидвор эканини билдирган эди.
Назарбоевнга кўра, Қозоғистонда АҚШ капитали асосида 500та ширкат ва 140та Америка-Қозоғистон қўшма корхонаси фаолият олиб бормоқда.