Сирдарё ва Наманган вилоятлари йўлларидаги кўпчилик постлар фаолияти тўхтатилди

Андижонга Олтинкўл туманидан киришдаги 36- йўл-патрул пости ҳам олиб ташланган эди.

2018 йилнинг 1 январидан А-373 рақамли М-39 автойўлидаги 14-километр масофасида жойлашган “Чинобод”, Янгиер шаҳри ҳудудидан ўтган М-34 халқаро автомобиль йўлининг 139-километрида жойлашган “Янгиер” тўсиқ-пости ҳамда Гулистон шаҳридан ўтувчи халқаро аҳамиятдаги М-34 йўлининг 112-километридаги “Гулистон” йўл патрул хизмати масканининг фаолияти тўхтатилди.

Бу ҳақда хабар қилган ЎзАга кўра, олган постлар фаолияти республикадан тузилган махсус комиссия томонидан ўрганилмоқда.

Сирдарё вилояти ҳудудида 3 та йўл-патрул хизмати маскани, 5 та блок-пост мавжуд эди.

Наманган Вилоят ички ишлар бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, мавжуд постларнинг аҳамияти ва самарадорлиги бошқарманинг соҳавий хизматлари ходимларидан иборат комиссия томонидан ўрганиб чиқилди. Комиссия хулосасига асосан Наманган шаҳридаги “Ангор” йўл-патруль хизмати ва “Орзу” назорат маскани, Мингбулоқ туманидаги “Қизилтол”, Косонсой туманидаги “Булоқ”, Поп туманидаги “Навбаҳор” ва “Қўштепа” назорат масканлари фаолияти мақсадга мувофиқ эмас, деб топилди .

Мазкур постлар тугатилиб, транспорт воситаларининг эркин ва тўсиқсиз ҳаракатланиши таъминланди. Наманган вилоятида 16 пост, жумладан, 3 йўл-патруль хизмати пости, 6 назорат маскани ва 7 ҳамкорликдаги блок-пост масканлари фаолият кўрсатар эди.

Вилоятлар ўртасидаги постларни олиб ташлаш вазифаси 22 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг парламентга мурожаатномасида топширилган эди. У ўз мурожаатномасида бу каби постлар одамлар ҳаракатланишига, ички иқтисодиёт ва ташқи туризмнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётганини таъкидлаган эди.