ЎзА агентлигининг хабар қилишича, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан 8 тонна ош дамланган.
"Тошкент шаҳридан олиб келинган 8.8 тонналик улкан қозонда дамланган паловхонтўра тушга яқин кенг жамаотчилик иштирокида ҳарбий қисм аскарлари, мурувват уйи, мактаб-интернат тарбияланувчилари, беморлар, ногиронлар ва эҳтиёжманд оилаларга тарқатилди", деб хабар қилди агентлик.
Хабарда айтилишича, 8 тонналик ошни 46 нафар ошпаз дамлаган.
Uznews.uz сайти Деновда тайёрланган 8 тонналик ош Гиннес рекордини янгилади, деб хабар қилди.
Бунга қадар ўтган йилнинг 17 август куни Тошкент вилоятидаги Олмалиқ шаҳрида битта қозонда 6 тонна ош дамланган ва у Ўзбекистон тарихида битта қозонда пиширилган энг катта ош, деб баҳоланган эди.
Бу ҳақда хабар қилган Uznews.uz сайтига кўра, рекорд қўйган палов, диаметри 4,2 метр, 7070 кг, чуқурлиги 1 метр, қарийб 8 минг литр сув сиғадиган, атайлаб шу ошни пишириш учун Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ясалган қозонда дамланган.
Сўнгра 8 сентябр куни Тошкентнинг Сайлгоҳ кўчасида қарийб 8 тонналик мега-палов тайёрланди, аммо унинг атрофида йиғилган оломон орасида ур-йиқит юзага келгани боис, бу тадбир ижтимоий тармоқларда кескин танқидга учради.