Япония Бош вазири НАТО аъзоларини Пхеньянга босим ўтказишга чақирди

Vilnius, Lithuanian President Dalia Grybauskaite (R) welcomes Japanese Prime Minister Shinzo Abe for talks

Япония Бош вазири Синдзо Абэ НАТОга аъзо Эстония, Латвия ва Литва ҳукуматларини Шимолий Кореяга босим ўтказишга чақирди.

Болтиқ бўйи давлатларига сафар қилаётган Япония бош вазири 13 январь куни Вильнюсда қилган чиқишида ҳозирда Шимолий Корея жаҳон ҳамжамияти учун таҳдид бўлиб қолмоқда, деб таъкидлади ва бу масалада томонларни яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирди​.

Абэ Жанубий Кореяда ўтадиган Қишки олимпия ўйинлари арафасида кескинлик бироз сусайган бўлса-да, Шимолий Кореянинг ядровий дастурига барҳам бериш йўлида "максимал даражада" босим ўтказиш зарур, деб таъкидлади.

Айни пайтда, Литва Бош вазири Саулиус Свернелис ҳам япониялик ҳамкасбини қувватлаб, чиқиш қилди.

Ўтган ҳафтада Шимолий ва Жанубий Корея ҳукуматлари минтақадаги кескинликни юмшатиш мақсадида ҳарбий соҳадаги музокараларни жонлантириш тўғрисида келишиб олди.

Бундай битимга 9 январь куни Сеулда ўтган Жанубий ва Шимолий Корея ҳукуматлари делегацияларининг Олимпиа ўйинларига бағишланган музокаралари чоғида эришилди.

Бу сўнгги 2 йилдан бери икки давлат расмийлари ўртасида ўтказилган биринчи учрашув бўлди.