Қозоғистоннинг Ақтўбў вилоятида автобус ёниши оқибатида ҳалок бўлган 52 нафар ўзбекистонликдан 31 нафарининг шахси аниқланади.
Бу ҳақда Kun.uz президент Мирзиёев томонидан ташкил этилган махсус комиссия вакилига таянган ҳолда 18 январда хабар берди. Хабарда таъкидланишича, шахси аниқланганларнинг асорсий қисми Наманган вилоятидан бўлган.
Яқин вақтда шахсни аниқлаш ишлари якунланиб, марҳумларнинг рўйхати эълон қилиниши кутилмоқда.
Нашрнинг ёзишича, мазкур воқеа юзасидан бош вазир Абдулла Арипов етакчилигида ташкил этилган президент комиссияси Ақтўбў вилоятида бўлиб турибди.
Самара-Чимкент автойўлининг Қозоғистондан ўтадиган қисмида 18 январда 57 киши бораётган автобус ёниб кетиши оқибатида 52 нафар одам ҳалок бўлган, 5 нафар одам ёнаётган автобусдан қочиб чиқишга улгурган эди.
Бу Қозоғистон ва Россияда сўнгги бир йилда Ўзбекистонликлар иштирокида юз берган ягона йирик ҳалокат эмас.
2017 йилнинг 22 июнь куни Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидан ўтувчи Самара-Чимкент йўлининг 946-километрида Ўзбекистоннинг 50 нафар ватандошини олиб кетаётган автобус ағдарилиб кетганди. Ҳодиса оқибатида ватанга қайтаётган 9 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган, яна 17 киши турли даражада жароҳатланганди.
2017 йилнинг 6 октябрь куни тонгида эса Россиянинг Владимир вилоятидаги темирйўл кесишмасида 55 нафар ўзбекистонлик бораётган автобусни поёзд уриб кетиши оқибатида 16 киши ҳалок бўлган эди.