Ўзбекистон тожиклари тожик мактабларининг ёпилиши эҳтимолидан ташвишга тушди

Тошкент вилоятнинг Бўстонлиқ туманидаги бешта қишлоқ аҳолиси педагоглар етишмаслиги билан боғлиқ муаммони ҳал қилишда ёрдам сўраб Тожикистон ва Ўзбекистон президентларига мактуб ёзишди.

Пском, Чакак, Палванак, Испай ва Нанай қишлоқларининг 100дан ортиқ аҳолиси имзо чеккан мактубда малакали ўқитувчилар етишмаслиги сабабли тожик мактаблари беркитилиши мумкинлигидан хавотир билдирилган.

Очиқ мактуб Ўзбекистонда тожик тилида нашр қилинадиган «Овози тожик» газетасининг сўнгги сонларидан бирида эълон қилинди.

Бу сўнгги 25 йилда Ўзбекистонда яшовчи тожик диаспорасининг икки мамлакат ҳукуматларига она тилида таълим соҳасидаги муаммоларни бартараф этишни сўраб ёзган биринчи очиқ мактубидир. Ислом Каримов ҳукмронлиги йилларида тожик тилида таълим берувчи мактаблар сони нисбатан қисқарди, олий таълим даргоҳларида эса тожик тилидаги факультетлар беркитилди.

Бўстонлиқ тумани аҳолиси мактубда шу йилнинг баҳор фаслида икки мамлакат президентлари Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёвнинг Душанбедаги учрашувига умид қилаётганларини ёзишган. Мактуб муаллифларининг умид қилишларича, икки мамлакат етакчиларининг музокораларида она тилида таълим олиш билан боғлиқ муаммо устивор масалалардан бири бўлади.

Мактубда Чирчиқ шаҳридаги Педагогика институтида Тошкент вилоятидаги тожик мактаблари учун педагоглар тайёрланадиган гуруҳ очилиши юзасидан ҳам илтмос қилинган.

Ўзбекистондаги тожик тилида дарс берадиган ўқитувчиларнинг айтишича, кўплаб ота-оналар ўз фарзандлари педагог кадрлар ва дарсликлар етишмаслиги сабаб тенгдошларидан ортга қолаётганини кўриб, уларни бошқа тилларда дарс бериладиган мактабларга беришга қарор қилишмоқда.

Расмий маълумотларга қараганда, Шўролар даврида Ўзбекистонда тожик тилида таълим берувчи 380 мактаб фаолият юритган.

Ўтган йили Фарғона давлат университети филология факультетида тожик тили гуруҳ ташкил этилиши хабар қилинган эди.

Мазкур гуруҳга 15 талаба қабул қилинади, уларнинг 5 нафари бюджет асосида, 10 нафари контракт асосида ўқитилади. Бу гуруҳда Тожикистон ватандошлари ҳам ўқишлари мумкин.