Футбол федерациясининг 25 январда бўлиб ўтган навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференциясида федерация номи Ўзбекистон Футбол ассоциацияси деб ўзгартирилди ва унинг президенти этиб бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов сайланди.
Яқин кунларгача Футбол федерациясига раҳбарлик қилиб келган Умид Аҳмаджонов эса биринчи вице-президент бўлди.
Янги президент футболни ҳудудларда ривожлантириш масаласига эътбор қаратишини билдириб: “Асосий вазифа — биз қуйидан кўтарилишимиз керак, булутларда учишимиз эмас. Агарда ҳудудларда ишламасак, ҳеч нарса бўлмайди”, -деб айтган.
Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати раҳбари Очилбой Раматов 2017 йилнинг 12 сентябрида ўтган ҳисобот-сайлов конференциясида Футбол федерациясининг биринчи вице-президенти этиб сайланган эди.
Ўша йиғилишда Мираброр Усмонов ўрнига Умид Аҳмаджонов президентликка сайланган.
Умид Аҳмаджонов аввалроқ Миллий Олимпия қўмитаси президенти этиб сайлангани футбол раҳбариятидаги ўзгаришларга сабаб бўлди.