Жалолобод вилоятининг Олабуқа туманида яшовчи шахс Ўзбекистон чегарачилари отган ўқдан яраланди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Олабуқа тумани ҳокими Сонунбек Акбаралиевнинг билдиришича, воқеа 27 январь куни бўлиб ўтган.
- Чегара ҳудудида қўй боқиб юрган чўпон чегаранинг нариги томонига ўтиб кетган қўйларни қайтариш учун Ўзбекистон ҳудудида ўтган. Бу ерда у чегарачиларнинг огоҳлантирувчи талабларига бўйсунмагани оқибатида унга қарата ўқ узилган, -деди ҳоким.
Унга кўра, якшанба куни ўзбек чегарачилари томонидан яраланган қирғизистонликни ватанига қайтариш бўйича музокаралар бошланган. Ҳоким яраланган қирғизистонлик Ўзбекистонда касалхонага ётқизилганини маълум қилди.
-Ҳозир унинг аҳволи яхши эканини айтишди. У Чуст туман касалхонасида даволанмоқда. Уни Қирғизистонга қайтариш масаласи бугун ёки эртага ҳал бўлади, -деди Олабуқа тумани ҳокими Сонунбек Акбаралиев
Қирғизистон Чегара хизмати қирғизистонлик Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтиб кетгани оқибатида мана шундай воқеа юз берганини тасдиқлади.
“Ўзбекистон томони уларнинг чегарачилари ўқ отишга мажбур бўлганини таъкидлади, чунки чегарабузар огоҳлантирувларга ва тўхташ тўғрисидаги буйруқларга бўйсунмаган. Оқибатда қирғизистонлик чап оёғининг сонидан яраланган”, дейилади Қирғизистон Чегара хизматининг расмий билдирувида.
Маълумотда айтилишича, чегарабузар қирғизистонликни ватанига қайтариш масаласида икки давлат чегара расмийлари музокаралар ўтказди. Ўзбекистон томони дастлабки тергов якунланиб, касалхонада даволаниш муддати якунланганидан сўнг қирғизистонликни қайтаришга розилик билдирган.
Ўзбекистон томони, шунингдек, чегарабузарнинг яқинларига уни касалхонада хабар олишига ҳам рухсат берган.
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида сўнгги марта одамга қарата ўқ отилиши воқеаси 2015 йилнинг 18 январида қайд этилган эди.
Ўшанда Қирғизистон чегарасини бузган уч нафар ўзбекистонлик овчи қирғиз чегарачиларининг қуролни топшириб, таслим бўлиш талабига бўйсунмагани, бунинг ўрнига чегарачиларга қарата ўт очгани айтилган эди. Жавоб ўқи билан овчилардан бири ярадор қилинган.
Қолган икки овчи воқеа жойидан қочишга уринган пайтда Ўзбекистон ҳудудидаги чегара чизиғи олдида ўзбек чегара наряди томонидан қўлга олинган. Ярадор ўзбекистонлик овчи воқеа жойига келган ўзбек чегарачиларига топширилган.
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида ҳавога қарата ўқ отилиш ҳодисаси сўнгги марта 2017 йилнинг 11 апрелида Фарғона вилоятининг Сўх тумани орқали ўтган "Қизилқиёқ-Бўзадир" транзит автойўлидаги Ўзбекистонга қарашли назорат постида юз берган.
Қирғизистон Чегара хизматининг 29 январда билдиришича, 2017 йилда қирғиз-ўзбек чегарасида жами 4та низо содир бўлган.