ЎзА агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, 3 февраль куни президент Мирзиёев «Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорни имзолаган.
Президент қарорида айтилишича, Ўзбекистон Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази негизида Касб-ҳунар таълими маркази очилади, ўрта-махсус касб-ҳунар таълим тизими эса қайта ташкил қилинади.
Қарорга биноан, 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб касб-ҳунар коллежларига мактабларнинг 11-синфлари битирганлар ихтиёрий асосда қабул қилинади ва тегишли мутахассисликка (касбга) эга бўлиш учун 6 ойдан 2 йилгача ўқийди.
Муҳими, касб-ҳунар коллежларидаги таълим контракт-тўлов тизимида жорий этилади. Аммо, ҳозир коллежда ўқиётган талабаларга эса ўқишининг охиригача давлат бюджети ҳисобидан ўқиш имкони берилади.
Бундан ташқари, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб мажбурий умумий ўрта ва ўрта махсус таълим умумтаълим мактабларида, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактабларда, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатларида, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларида ҳамда академик лицейларда узлуксиз ва 11 йиллик муддатда амалга оширилади.
Президент қарорида, шунингдек, коллежлар йўналишларига кўра, вазирлик, бошқарма, банк, хўжалик бирлашмалари тасарруфига ўтказилиши, уларнинг молиялаштирилиши эса контракт-тўлов пуллари, ташкилотларнинг ўз ҳисобидаги маблағлари ва қонунда тақиқланмаган бошқа манбалардан таъминланиши айтилган.