Наманган вилояти Косонсой туманида овқатдан заҳарланган 36 киши касалхонага ётқизилди.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 36 кишининг барчаси 4 февраль куни Косонсой туман марказий деҳқон бозорида кала-поча гўшти ва хасип таомини харид қилгани аниқланган.
36 киши ўткир гастроэнтерит, токсикоинфекция ташхисида гумон қилинган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолатни назоратга олиб, Косонсой туман тиббиёт бирлашмаси зарур дори-дармонлар, инфузион эритмалар, бир маротаба ишлатиладиган шприц ва системалар билан етарли миқдорда таъминлангани ҳақида хабар қилди.
Воқеадан сўнг Косонсой бозорида санитария-эпидемиология хизмати, Ички ишлар ва Солиқ органлари мутахассислари билан профилактик тадбирлари олиб борилган.
Сўнгги хабарларга кўра, заҳарланган беморларнинг аҳволи қониқарли бўлиб, уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.