Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича¸ 6 февраль куни Шавкат Мирзиëев "фармацевтика соҳасини ривожлантириш борасидаги ишлар натижадорлигини таҳлил қилиш, истиқболдаги долзарб вазифаларни белгилашга бағишланган йиғилиш" ўтказди.
Йиғилишда президентнинг мамлакат аҳолиси ва соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон дори ва тиббий воситалар билан таъминлашга қаратилган қатор қарорлар ижроси муҳокама этилган.
Мажлисда келтирилган рақамларга кўра¸ Ўзбекистонда ўтган бир йил давомида дори-дармон ишлаб чиқариш кўрсаткичи 2016 йилга нисбатан 34 фозига ошган¸ жами қиммати 400 миллион АҚШ долларига яқин 71 та инвестицион лойиҳа устида иш бошланган.
Айни пайтда¸ йиғилишда Ўзбекистон фармацевтика бозорининг импорт дорилар ва дори воситаларига қарамлигича қолаëтгани қайд этилган.
Президент сайти келтирган рақамларга кўра¸ ички бозордаги талабнинг 74 фоизи ҳамон импорт ҳисобига қондирилмоқда¸ онкология¸ гинекология ва стаматологияда ишлатиладиган дорилар тўлиғича импорт қилинади.
"Президентимиз бу муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш бўйича истиқболдаги муҳим вазифаларни белгилаб берди¸" дейилади президент матбуот хизмати тарқатган баëнотда.