Тошкентга келган Россия ҳарбий делегацияси ўзаро ҳамкорликни кучайтиришни муҳокама қилди

2017 йил октябрида Россия ва Ўзбекистон ҳарбийлари Фориш полигонида 2005 йилдан бери биринчи марта қўшма машқлар ўтказди.

" Россия Федерацияси қуролли кучлар Бош штаби жанговар тайёргарлик бош бошқармаси бошлиғи генерал-лейтенант Иван Бувальцев бошчилигидаги ҳарбий делегация мамлакатимизга расмий ташриф билан келди"¸ деб хабар қилди Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Расмий хабарга кўра¸ россиялик ҳарбийлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш истиқболларини муҳокама қилган.

Ўзбекистон Қуролли Кучлари академиясида кадрлар тайёрлаш жараёни, яратилган шароитлар билан танишишган Бувальцев мазкур академияда Россия қуролли кучларининг жанговар тажрибаси ҳақида маъруза қилган ва бу чиқиш ҳарбий округ қўшинларига онлайн тарзида узатилган.

Шавкат Мирзиëев президентликка келганидан бери Ўзбекистон-Россия ҳарбий ҳамкорлигининг кучайгани кузатилмоқда.

Хусусан¸ 2017 йилнинг октябрь ойида Жиззах вилояти Фориш туманидаги полигонда Ўзбекистон ва Россия Қуролли кучлари ҳарбий тактика машқларини ўтказди.

Россия қўмондонлигига кўра¸ бу машқлар икки давлат ўртасида 2005 йилдан бери ўтказилаётган биринчи қўшма машғулот бўлди.

Икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг кучайгани ортидан Россия оммавий ахборот воситаларида Тошкентнинг “КХШТга қайтиши” кутилаётгани ҳақидаги мулоҳазалар кенг тарқалди.

Ўзбекистон 1993 йил Тошкентда тузилган КХШТ таркибидан 1999 йилда биринчи марта чиқиб кетган¸ 2001 йилда эса Қаршидаги Хонобод ҳарбий базасини АҚШ ҳарбийларига топширган эди. 2005 йилги Андижон воқеалари ортидан Америка ҳарбийларини мамлакатдан чиқариб юборган президент Каримов 2006 йилда КХШТ аъзолигига қайтишга қарор қилган эди.

Аммо 2012 йилнинг 28 июнида Ислом Каримов яна бир бор Ўзбекистоннинг бу ташкилотдаги иштироки тўхтатилганини эълон қилган эди.