Судланган ва яқинлари судланганлар камситилишига қарши қонун муҳокама қилинди

Олий Мажлис биноси.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси судланган ёки яқинлари судланган одамларга нисбатан ишга олиниш жараёнида йўл қўйилаётган камситишни бартараф этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Podrobno.uz нашрининг хабар беришича, Меҳнат кодексига ўзгартишлар киритиш мақсадида ишлаб чиқилган мазкур қонунда аввал судланган ёки қариндоши судланган одамларни давлат органларига ишга олишга қўйилган чеклов бекор қилинади.

Мазкур қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан жисмоний ва юридик шахсларни мурожаатларини таҳлил қилиш натижасида ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон президенти 2017 йилнинг 12 июль куни ўтган видеоселектор йиғилишида “20 йил давомида шунақа тизим яратдикки, яхши-яхши кадрларни “отаси қамалган”, “акаси қамалган”, деган важлар билан бошқарувга яқин йўлатмадик. Барча ўзи учун жавоб берсин. Ота ўзи учун, бола ўзи учун, ака ўзи учун. Энди ватанпарвар бўлса, ташаббускор бўлса, бошқарувга жалб қиламиз”, деган эди.

Мирзиёев яқинлари қамалган одамларга “тавқи лаънат” осмаслик кераклиги тўғрисида бошқа йиғинларда ҳам бир неча марта гапирган.

Шу йилнинг 22 январида диний мотивлар билан қамалиб чиққан таниқли спорт шарҳловчиси ва журналист Хайрулла Ҳамидов Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Маданият ва маърифат» телеканалига бош муҳарри этиб тайинлангани хабар қилинган эди.