Ўзбекистон муфтияти "Сунъий уруғлантириш ҳақида"ги фатвони эълон қилди

Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг расмий сайтида жойлаштирилган фатвода айтилишича, сунъий уруғлантириш масаласи шу кунларда долзарб мавзулардан бирига айланиб бормоқда.

Билдирилишича, мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири Ҳомиджон қори Ишматбеков 2017 йилнинг декабрь ойида Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган Евроосиё ислом кенгаши фатво ассамблеясининг иккинчи йиғилишида иштирок этди. Йиғилишда сунъий уруғлантириш масаласи муҳокама қилинган.

"...Айримлар етти ёт бегона инсоннинг уруғидан ҳомиладор бўлиб, қилган иши жоиз эмаслигини билгач, энди нима қиламан, деб бош қотираётгани кўпчилигимизга маълум. Шу нуқтаи назардан, сунъий уруғлантириш борасида динимиз таълимотида нима дейилади, қандай усули жоиз-у, қайсиниси ҳаром? Мўмин-мусулмонлар ҳам бу усуллардан фойдаланса бўладими? Шу каби саволларга батафсил жавоб берувчи, ушбу масалаларга аниқлик киритувчи барча ҳукм ва кўрсатмаларни ўз ичига олган фатво ишлаб чиқиш ва халқимизга етказиш бўйича уламолар қатор изланишларни олиб боришди", дейилади расмий хабарда.

Муфтиятнинг "Сунъий уруғлантириш ҳақида"ги фатвосида билдирилишича, “Сунъий уруғлантириш амалиётини ўта зарур ҳолатда ва фақат ўрталарида шаръий ақди никоҳлари бўлган эр-хотинлар орасидагина амалга ошириш мубоҳдир”.

Бу ҳолатда “эркак ва аёлнинг уруғларини сақлашда бегона шахсларники билан аралашиб кетмаслиги учун барча эҳтиёт чораларини кўриш ва албатта, уни ишончли табиб амалга ошириши шарт” бўлади.

“Ўрталарида никоҳ бўлмаган эркак ва аёл ўртасида сунъий уруғлантириш амалиётини ўтказиш шаръан манъ этилади. Дину диёнатига беэътибор бўлмаган, наслу насабининг пок бўлишини муҳим деб билган мўмин-мусулмонлар сунъий уруғлантиришнинг манъ этилган усулидан фойдаланишдан ҳазарда бўлсинлар”, дейилади фатвода.