Ўзбекистонда хорижлик сайёҳларга олтин қуймаларини сотишга рухсат берилиши режалаштирилмоқда.
Kun.uz сайтининг хабар беришича, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги йиғилишида икки ой ичида бу борадаги ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланиб, вазирлар маҳкамасига тақдим этилишини билдирди.
Қарор лоийҳасида 10 граммдан 100-200 граммгача бўлган олтин қуймаларини хорижлик сайёҳларга сотиш масаласи ҳам назарда тутилган.
“Ўзбекистон 2020 йилга бориб заргарлик буюмларининг йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 40 миллион доллардан оширмоқчи. Уч йил ичида олтин буюмлар ишлаб чиқаришни 2,4 карра, кумуш буюмларни ишлаб чиқаришни эса 6,2 карра оширмоқчи. 2020 йилга бориб деярли 14 миллион долларлик заргарлик буюмларини экспорт қилиш кўзда тутилмоқда”, дейилади хабарда.
Бугунги кунда Ўзбекистондан сайёҳларга кам миқдорда ва фақат шахсан фойдаланиш мақсадидагина тилла тақинчоқларни олиб чиқишга рухсат берилган.