Аэропорт орқали 2000 АҚШ доллари миқдорида, темир йўл орқали 1000 доллар, автомобил билан ёки пиёда ўтаётганлар эса 300 доллар миқдоридаги товарни Ўзбекистонга божхона тўловисиз олиб кириши мумкин.
Бу ҳақда 6 февраль куни президент томонидан имзоланган «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорда қайд қилинган.
Қарорга кўра, халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали бир ойда 1000 долларлик товар қабул қилиб олиш мумкин.
Божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни фақат чекланган миқдорда олиб кирилишига рухсат этилади.
Жумладан, пиво 2 литргача, тамаки маҳсулотлари 10 қутигача, атир 3 донагача, заргарлик буюмлари 65 гр.гача олиб кирилиши мумкин.
Божсиз олиб кирилган товарларни ёзма декларациялаш талаб этилмайди.
Шунингдек, янги қарорга кўра, жисмоний шахслар 3000 АҚШ долларигача қийматдаги товарларни божхона декларацияси тақдим этмасдан олиб чиқишлари мумкин.
Айни пайтда айрим товарларни фақат чекланган миқдорда олиб чиқишга рухсат берилади.
Жумладан, гуруч 3 килогача, нон маҳсулотлари 5 килогача, гўшт ва гўшт маҳсулотлари 2 килогача, шакар 2 килогача, ўсимлик ёғи 2 килогача, мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва мевалар — 40 килогача олиб чиқиш мумкин.