Amnesty International халқаро ташкилоти 8 февраль куни тарқатган баёнотида Ўзбекистонда журналист Бобомурод Абдуллаевни ҳибсга олиб, қийноқларга солганликда гумонланган Миллий хавфсизлик хизматининг икки нафар ходими ишдан четлаштирилиб, улардан бири ҳибсга олинганини олқишлади.
”Биз Бобомурод Абдуллаевнинг қийноқлар тўғрисидаги шикоятлари асосида текширув бошлангани, қийноқларни қўллаганликда гумонланган ходимлар ишдан четлатилганини олқишлаймиз, ҳолбуки, биз бу ишни зудликда амалга ошириш зарур эди, деб ҳисоблаймиз. Қийноқлар қўлланилгани тўғрисидаги маълумотлар юзасидан ҳолис тергов ўтказиш ва бу ишда гумонланганларни вазифасидан четлатиш, Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига кўра, самарали тергов омили ҳисобланади. Бу тергов Абдуллаев ишида адолат ўрнатилиши сари ташланган биринчи қадамдир. Энг муҳими –бу иш тўхтатиб қолинмаслигида ҳамда бу каби ишларни тергов қилишда прецедент яратилишидир”, деб билдирди Amnesty International ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича раҳбари ўринбосари Денис Кривошеев.
Amnesty International халқаро ташкилоти ўз баёнотида Ўзбекистон ҳукуматини Бобомурод Абдуллаевни зудликда қамоқдан озод қилишга чақирди.
8 февраль куни ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов ўз манбаларига таяниб, ўтган йилнинг сентябрь ойидан бери “Давлат тўнтаришга уринишда” гумонланиб ҳибсда қолаëтган журналист Бобомурод Абдуллаевни тергов қилаëтган МХХ тергов бошқармаси терговчиси¸ адлия подполковниги Нодирбек Дилмуродович Тўрақулов ва айни бошқарма терговчиси адлия майори Веселов Александр Александрович ишдан четлаштирилгани ҳақида хабар берган эди.
Икромовнинг Озодликка айтишича¸ бу икки МХХ зобити “маҳбусни тергов пайтида қийнаш¸ жиноят ишини сохталаштириш¸ ноқонуний ҳибсга олиш" каби қонунга зид ҳаракатлари боис ишдан четлаштирилган.
7 февраль куни Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органларидаги бир-биридан мустақил икки мулозим ҳам айни маълумотни билдирган эди.
Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органларида ишлайдиган мулозимга кўра¸ Бобомурод Абдуллаевни ҳибсга олишда қатнашган барча МХХ зобитлари ишдан четлаштирилган ва улардан шаҳарни тарк этмаслик ҳақида тилхат олинган. Суҳбатдошга кўра¸ МХХ терговчиси Нодирбек Тўрақуловга нисбатан эҳтиëт чораси сифатида ҳибс қўлланган.
Сурхондарë вилояти ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган зобитнинг айтишича¸ Нодирбек Тўрақулов республика МХХсининг Сурхондарë вилоят бошқармаси тергов бўлимида бошлиқ бўлган пайтидаги қилмишлари юзасидан сўроқ қилинмоқда.
Суҳбатдош таъкидича¸ Тўрақулов президент жорий йил 19 январь куни Қизириқ тумани ҳокимлиги биносида Сурхондарë вилояти фаоллари билан ўтказган учрашувида айни вилоят МХХ бошқармаси фаолиятини танқид қилгани ортидан қўлга олинган.
44 ёшли журналист Бобомурод Абдуллаев бир қатор мустақил нашрлар¸ хусусан "Фарғона” ахборот агентлиги билан ҳамкорлик қилган¸ шунингдек, спорт шарҳловчиси сифатида ҳам танилган.
27 сентябрь куни таъмирга берган машинасини устахонадан олиш учун уйидан чиқиб кетганича бедарак йўқолган Абдуллаевнинг орадан бир кун ўтиб Тошкентдаги Миллий хавфсизлик хизмати изоляторида экани маълум бўлди.
1 октябрь куни Тошкент шаҳар Юнусобод туман суди журналистга нисбатан Жиноят Кодексининг 159-банд 4-қисми билан айблов эълон қилди.
Журналист расман 2011 йилдан "Усмон Ҳақназаров" имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда.
Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Чегара билмас мухбирлар, Халқаро Пен клуб, Amnesty International ва Human Rights Watch ташкилотлари журналист Бобомурод Абдуллаевни озод қилиш талаби билан чиққан.