Ўзбекистон 2018 йилда Қирғизистонга 50 миллион долларлик мева-сабзавот сотади. Қирғизистон эса Ўзбекистондаги ишлаб чиқариш корхоналарига арзон баҳода кўмир етказиб беради.
Бу борадаги шартнома ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев етакчилигидаги делегациянинг Бишкек ва Ўшга қилган сафари чоғида имзоланди.
Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, томонлар Ўшда ҳамкорликда Медиапарк савдо-кўнгилочар марказини қуриш борасидаги келишувни ҳам имзолаган. Шунингдек, Қирғизистонда “Ўзавтосаноат” автомобилларини, “Самавто” автобусларини, қишлоқ хўжалик машиналари, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи завод қурилишини тезлатиш масалаларини ҳам муҳокама қилган.
Бундан ташқари Korzinka.uz тармоғида Қирғизистон маҳсулотлари сотилувчи ҳудудларни ташкил этииш масаласида ҳам келишувга эришилган.
Сафар доирасида Бишкекда Ўзбекистондан экспорт қилинувчи маҳсулотлар учун тақдимот майдонига айланадиган “Ўзтрейд” савдо уйи ҳам Қирғизистон ҳукумати томонидан расман рўйхатга олингани маълум қилинди.
Ўзбекистон Ташқи савдо вазирлиги делегацияси 8 -9 февралда Бишкек ва Ўшга бориб, Чуй вилоятининг Сўқулуқ ва Иссиқота туманларидаги ҳамда Ўшдаги ишлаб чиқариш ширкатлари фаолияти билан танишган эди.