Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи 12та жамоат ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини журналист Бобомурод Абдуллаев ва ўз ҳуқуқларидан фойдлангани учун қўлга олинган бошқа шахсларни зудликда қамоқдан озод этишга чақирди.
13 февраль куни эълон қилинган баёнотда Бобомурод Абдуллаевга нисбатан қийноқ қўллаганликда гумонланган ҳуқуқ-тартибот ходимларига нисбатан тергов олиб борилиши ҳам талаб қилинган.
Баёнот Amnesty International, Марказий Осиё Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси, Фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоячилари, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Freedom House, Human Rights Watch, Инсон ҳуқулари бўйцича халқаро ҳамкорлик, Норвегия Хельсинки қўмитаси, Чегара билмас мухбирлар, Свобода сейчас, СТАТЬЯ 19 ва инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форуми томонидан имзоланган.
Ўтган йилнинг 27 сентябрида МХХ томонидан ҳибсга олинган Бобомурод Абдуллаев 2011 йилдан "Усмон Ҳақназаров" имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда.
Кейинроқ бу ишга алоқадорликда айбланган иқтисодчи Ҳаёт Насриддинов ва олим Акром Малик ҳам қўлга олингани хабар қилинган.
Озодликка маълум бўлишича, Бобомурод Абдуллаев устидан бораётган тергов ишига шу пайтгача тўрт киши тортилган.