Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридаги пахта тозалаш заводида газ портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлган, деб хабар берди 13 февраль куни кечқурун Kun.uz сайти ўз манбаси тақдиқлаб берган маълумотга таянган ҳолда.
Хабарда айтилишича, заводнинг пахта қуритиш цехида газ тўпланиб қолиши оқибатида портлаш юз берган. “Ҳалок бўлганларнинг бири 1960 йилда туғилгани, иккинчиси ёшроқ йигит эканлиги маълум”, дейилади хабарда.
Таҳририят воқеа жойидан олингани айтилаётган суратларни ҳам эълон қилган. Суратларда портлаш оқибатида цех девори ва томининг бир қисми қулагани акс этган.
“Манбанинг маълум қилишича, цех яқиндагина хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилинганлик бўйича текширувдан ўтказилган бўлган. Портлаш айнан нима сабабли келиб чиққани ҳақида ҳозирча расмий маълумотларга эга эмасмиз”, деб ёзди нашр.
Sputnik нашри бу хабарга аниқлик киритиб, заводдаги газ портлаши 12 февраль куни юз бергани ҳақида ёзди.
Нашрнинг билдиришича, мазкур воқеа юзасидан одам ўлимига сабаб бўладиган даражада ёнғин хавфсизлигига риоя қилиш тартибини бузганлик моддаси асосида жиноят иши очилган.
Озодлик радиосининг "Sizdan Telegram" лойиҳасига муштарийлар томонидан юборилган хабарлардан бирида 12 февраль куни Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Каттаминг қишлоғидаги пахта қабул қилиш пунктида 10 февраль куни ёнғин содир бўлгани билдирилган эди.