Суриянинг Дайр аз Зор вилоятида президент Башар Ассад армияси ва АҚШ етакчилигидаги аксилтеррор коалицияси ўртасидаги жанглар давом этмоқда.
Жанглар 7 февралда Сурия демократик кучларининг АҚШдан бўлган маслаҳатчиларига Ифрат дарёси шарқий соҳилидаги ўқ отилмайдиган ҳудуд ҳисобланадиган жойда, Дайр ал Зор вилоятида Сурия ҳукумат армияси ҳужум қилгани ортидан бошланиб кетган эди.
АҚШ етакчилигидаги коалициянинг ҳаво ва ердаги қўшинлари Сурия демократик кучлари қароргоҳига ҳужум қилган 100 дан ошиқ Сурия ҳукуматини қўлловчи жангчини ўлдирган.
Исмини ошкор қилмаслик шарти билан интервью берган АҚШ расмийси ҳужумчилар сони 500 га яқин бўлганини, улар артиллерия, танклар ҳамда ракета тизимлари билан қуролланган бўлганини айтди.
Хабарларда, бу жангларда Сурия ҳукумати армияси таркибида жанг қилаётган ўнлаб Россия фуқаролари ҳам ҳалок бўлгани айтилмоқда. Уларнинг барчаси Россиядаги “Вагнер хусусий ҳарбий ширкати” томонидан ёлланган одамлардир.
Бироқ 13 февраль ҳолатига кўра, АҚШ зарбалари оқибатида ҳалок бўлгани иддао қилинаётган ўнлаб россиялик ёлланма жангчилардан фақат 4 нафарининг шахси аниқланган.
Россия Мудофаа вазирлиги АҚШ зарбалари оқибатида россияликлар ҳалок бўлгани тўғрисидаги маълумотларни инкор қилмоқда.