Тожикистонда гейни шантаж қилган уч нафар милиционер қамоққа олинди

Тожикистонда уч нафар милиция ходими гейларни шантаж қилиб, пул ундирганликда айбланиб қамоққа олинди.

Озодлик радиоси тожик хизматининг коррупцияга қарши кураш агентлиги расмийсига таяниб 13 февралда хабар беришича, майор Шорамазон Бўронов, капитан Оятулло Сайфиддинов ва капитан Нарзулло Асламзода бир неча кун олдин исми ошкор қилинмаётган гомосексуалистдан 3000 сомони, яъни 340 доллар миқдорида пул олаётганида қўлга тушган.

Гомосексуалист аввал ҳам ўзининг жинсий оринтацияси тўғрисидаги маълумотни ошкор қилмасликлари учун бу милиция ходимларига 225 доллар миқдорида пора беришга мажбур бўлган.

Қўлга олинган милиция ходимларига тамагирлик ва хизмат вазифасидан ўз манфаати йўлида фойдаланиш моддалари асосида айблов билдирилди.

Ўтган йилнинг ноябрида Тожикистон ҳукумати мамлакат ҳудудида расман 319 нафар гей ва 48 нафар лесбиянка рўйхатга олинганини билдирган эди. Ҳукумат бу ҳолатни гейлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, жинсий йўл билан тарқалувчи касалликларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширганини маълум қилган.