Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков “Суд, ҳуқуқ-тартибот ва назорат органларидаги коррупцияга қарши курашнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
13 февралда имзоланган мазкур қарор лойиҳаси 8 февраль куни ўтган Хавфсизлик кенгашининг навбатдаги йиғилишида тасдиқланган эди.
Мазкур йиғилишда Жээнбеков суд, ҳуқуқ-тартибот ва назорат тузилмаларида коррупция авж олганини кескин танқид қилган ва “бундан буён оғир жиноятларни содир этгани исботланган шахсларни қамоқдан озод қилган ҳар бир судья қаттиқ текширилади. Мен суд ишига аралашмоқчи эмасман, лекин бу каби очиқдан-очиқ коррупция бўлиб турганида халқ томонидан сайланган одам сифатида чора кўришим керак”, деб айтган эди.
Қарорда суд, ҳуқуқ-тартибот ва назорат тузилмаларида коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги қонунлар лойиҳасини 1 июлгача тақдим этиш ва1 декабргача қабул қилиш назарда тутилган.