Тошкентга мавсумий ишлар билан шуғулланиш учун келган фуқаролардан вақтинчалик прописка талаб қилинмайди

Адлия вазирлигининг Телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» каналига таяниб, ЎзАнинг хабар қилишича, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига мавсумий ишларга келадиган фуқароларни рўйхатга олишда янги тартиб жорий қилиш кўзда тутилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги 41-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2012 й., 5-сон, 32-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида низомнинг 211 банд билан тўлдириш кўзда тутилмоқда.

“211 . Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига мавсумий ишлар (қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда) (кейинги ўринларда мавсумий ишлар деб аталади) билан шуғулланиш учун етиб келган фуқародан, унинг профилактика инспектори томонидан қайд қилиниши шарти билан, вақтинчалик яшаш жойи бўйича ҳисобга туриши талаб қилинмайди.

Мавсумий ишлар билан шуғулланиш учун етиб келган фуқаро мавсумий ишлар олиб борилаётган жойнинг профилактика инспектори томонидан, махсус қайдлар китобига тегишли ёзув ва мавсумий ишларни амалга ошириш бўйича шартномага санани кўрсатиб белги қўйган ҳолда, инспектор имзоси билан тасдиқланиб қуйидаги ҳужжатлар асосида рўйхатга олинади:

фуқаро паспорти (тақдим этилади);

паспорт нусхаси;

мавсумий ишни тақдим этаётган шахс ва фуқаро ўртасидаги шартнома.

Қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, мавсумий ишларни амалга ошириш бўйича шартнома оддий ёзма шаклда тузилади”.