13 февраль куни Академик Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган илмий-амалий хирургия тиббий марказида донор-қариндошдан жигарнинг бир қисмини беморга кўчириб ўтиш операцияси муваффақиятли якунланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигига таянган ҳолда "Газета уз" нашри хабар берди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича¸амалиёт марказ директори, академик Феруз Назиров ва россиялик академик Сергей Готье раҳбарлигида ўтказилган.
Узоқ йиллардан бери жигар церрози билан оғриб келган 26 ёшли паркентлик Убайдулло Дадахўжаевга 30 ёшли акаси Ҳаёт Дадахўжаев жигарининг бир қисми кўчириб ўтказилган.
Деярли 15 соат давом этган жарроҳлик амалиёти 21 врач ва 10 нафар ҳамшира иштирокида ўтказилди. Донор ва бемор уч ой мобайнида амалиётга тайёрланди.
Билдирилишича, донор ва бемор уч йил давомида яшаш жойидаги оилавий поликлиникада назорат остида бўлади ҳамда қонунчиликда белгиланган тартибда дори-дармонлар билан таъминланади.
Саломатликни сақлаш вазирлиги аввалари бундай операциялар учун ўзбекистонлик беморлар хорижга боришга мажбур бўлганлари ва 40 минг доллардан 200 минг долларгача ҳақ тўлаганлари тўғрисида ҳам маълум қилди.
Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси 2017 йилнинг 23 октябрида яқин қариндошлар ўртасида буйрак ёки жигарни трансплантация қилишга рухсат берувчи муваққат низомни қабул қилган эди.