Россияда ҳалок бўлган Самарқанд вилояти Ургут тумани турғуни А. Қаршиевнинг жасади 14 февраль куни эрталаб “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиаширкати кўмагида Тошкентга олиб келинди ва дафн этиш учун қариндошларига топширилди.
Бу ҳақда хабар берган Ўзбекистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, Қаршиев Москва вилояти Торбеево қишлоғидаги бўрдоқи фермасида газ балони портлаши оқибатида ҳалок бўлган.
Россия Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги ўзбекистонлик ҳамкасбларини бу ҳақда 9 февраль куни эрталаб 6дан 55 дақиқа ўтганида огоҳлантирган.
Хабарда айтилишича, ферма кушхонасида юз берган портлаш оқибатида жами 5 нафар ўзбекистонлик муҳожир жароҳат олган. Жароҳатланганлардан бири бўлган А.Қаршиев Ступино шаҳар касалхонасига олиб келинганидан сўнг вафот этган.
“Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳамкорликда олиб борган ҳаракатлар натижасида жароҳатланган тўрт одамни Ступино шаҳар касалхонасидан Москвадаги Вишневский номидаги хирургия институтига ва Склифосовский номидаги тез ёрдам кўрсатиш илмий –тадқиқот институтига кўчиришга муваффақ бўлинди”, дейилади хабарда.