Марказий банк ва Статистика қўмитасининг нарх-наво тўғрисидаги маълумотлари бир-бирига зид келмоқда

Ўзбекистондаги нарх-навони мунтазам мониторинг қилиб бориш амалиётини жорий этаётган Марказий банк ва Давлат статистика қўмитасининг нархлар борасидаги ахборотлари бир-бирига зид келмоқда.

“Газета уз” нашрининг 14 февралда хабар беришича, марказий банк январь ойида айрим маҳсулотларга бўлган нарҳлар умуман олганда 1 фоизга арзонлагани тўғрисида маълумот берган. Жумладан, туҳум 10,5 фоизга, пиёз 10,2 фоизга, бодринг 14 фоизга, помидор 9,9 фоизга, картошка 6,3 фоизга, олма 4,6 фоизга арзоналаган.

Бироқ Давлат статистика қўмитаси январь ойида нарх-наво умуман олганда 2,7 фоизга қимматлаганини билдирган. Жумладан, туҳум 4,2 фоизга, бодринг 6,2 фоизга, помидор 10,4 фоизга, картошка 4,5 фоизга, олма 12,8 фоизга қимматлаган.

Марказий банк январь ойида гўшт нархи 1,1 фоизга қимматлаганини билдирса, Стаистика қўмитаси гўшт 2,2 фоизга қимматлаган демоқда.

Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати департаменти директори Илҳом Норқулов “Газета уз”га кўрсаткичлар бир-бирига зид келаётгани тўғрисида изоҳ берар экан, Марказий банк нархни кузатиш учун танлаб олган 135 номдаги маҳсулот Давлат статистика қўмитаси мониторинг қилаётган маҳсулотлардан 30 фоизга озлигини рўкач қилган.

Бундан ташқари, расмий Марказий банк нархларни ҳафтасига икки марта – сешанба, чоршанба кунлари маъмурий марказларда ва пайшанба, жума кунлари марказдан олис бўлган туман ва шаҳарларда мониторинг қилишини, Статистика қўмитаси эса ҳар ойнинг 10 -кунидан 20 -кунигача мунтазам кузатув олиб боришини ҳам айтган.

Унга кўра, мана шу ҳолат ҳам кўрсаткичлардаги фарқларга сабаб бўлмоқда.