Ўзбекистон Маданият вазирлиги маҳаллий нашрларнинг танқидий мақолаларидан сўнг буюк ёзувчи Абдулла Қодирий боғ-музейи ташкил қилинишини билдирди.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг тегишли топшириғига асосан Тошкент шаҳри, “Самарқанд дарвозаси” маҳалласида жойлашган Абдулла Қодирий яшаб ижод қилган уй ва боғ ҳовли ҳудудида 2018 йил якунига қадар Абдулла Қодирий боғ-музейини ташкил этиш ва бу ишларни амалга ошириш учун зарур маблағ ажратиш режалаштирилганлиги ҳамда мазкур масала юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўрилаётганлигини маълум қиламиз”, дейилади 20 февраль куни Маданият вазирлигининг ЎзАга жўнатган мактубида.
Аввалроқ ЎзА ва бошқа қатор сайтларда Маданият вазирлиги “катта маблағ” талаб этилиши важи билан Абдулла Қодирий уй музейини ташкил этишдан воз кечиб келаётгани танқид остига олинган эди.
20 февраль куни ўзбек романчилигининг асосчиси Абдулла Қодирий авлодлари яшаб келаëтган ҳовлига борган Бош вазир Абдулла Арипов¸ бу ерда ëзувчи хотирасига бағишланган боғ-музей ташкил этишни ваъда қилгани хам хабар қилинганди.