Қозоғистондан Ўзбекистонга ўтилувчи “Яллама” чегара назорат пунктида 21 февралдан бери 7 километрли навбат пайдо бўлди. Бу ҳақда Podrobno.uz нашри 22 февраль куни хабар берди.
Маълумотда айтилишича, юк ташувчи машиналар ҳайдовчилари чегарадан ўтиш учун бир неча кунлаб навбат кутишига тўғри келмоқда. Айни пайтда мазкур ҳудудда 200та юк ташувчи машина навбатда тургани айтилмоқда.
“Бу ерда 7 километрли тиқин пайдо бўлди. Бир суткада 800 метр олға силжидик ҳолос. Юк машиналари ҳайдовчилари бир-бирларидан овқат сўраб юрибди”, деб айтган воқеа гувоҳларидан бири.
Жанубий Қозоғистон вилояти божхонаси расмийлари чегарада навбатда турган юк машиналари сони ҳоизр 140та эканини билдирди.
“Кеча кун бўйи оғирлиги 305 тонна, узунлиги 60 метрли юк машнаси кириб келгани ортидан тиқин пайдо бўлди. Икки кун давомида бу машина йўлни ёпиб қўйди. Ҳозир бу машина дарвозадан чиқиб, кўприкка ўтди. Йўл очилиб, биз бошқа фураларни ўтказа бошладик. Йўлни тўсган фурага келадиган бўлсак, ҳозир Ўзбекистондан рухсат берувчи ҳужжатларни кутаяпмиз. Ўзбекистон рухсат берса, бу машина йўлда давом этади”, деди божхона расмийси Тимур Мирзагаликов.
Унга кўра, Ўзбекистон 305 тоннали фурани ўз ҳудудига киритмаса, машина ортга қайтишга мажбур бўлади ва бунинг ортидан яна автотиқин пайдо бўлиши мумкин.