Гулистон шаҳридаги Эски деҳқон бозорида 25 февраль куни эрта тонгда юз берган ёнғинда 5 дўкон ва 1 устахона ёниб кетди.
Би-би-Си радиосининг хабар беришича, ёнғин хавфсизлик бошқармасига тонгги 5:38 да бозор ёна бошлагини тўғрисида хабар келган ва ўт 06:21да ўчирилган.
2 заргарлик, 1 кийим, 1 та телефон аксесуарлар ва яна битта телефон эҳтиёт қисмлари билан савдо қилувчи жами 5 дўкон ва бир устахонадаги барча маҳсулотлар куйиб кул бўлган. Ёнғиннинг умумий майдони 70 квадрат метрни ташкил қилган.
Гулистон бозорларида бундан аввалги йилларда ҳам тез-тез ёнғин бўлгани кузатилган. Масалан, 2017 йил 5 августидаги ёнғинда 400 квадрат метрдан ошиқ майдондаги дўконларга шикаст етган.
Гулистон шаҳар деҳқон бозорида 2015 йилнинг 5 ноябридаги ёнғинда камида икки одам жароҳатланган ва ўндан ортиқ дўкон ёнган.
2015 йилнинг 22 июнида деҳқон бозорида юз берган ёнғинда 10дан ортиқ дўкон ёниб кул бўлган эди.