Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари “Ойбек” назорат ўтказиш пункти орқали визасиз борди-келди қилиш имкониятига эга бўлишди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Ахборот 24” дастури хабар берди.
Маълумотда айтилишича, мазкур чегара пункти орқали икки давлат фуқароларининг ўтиши 10 февралдан бошлаб енгиллаштирилган.
“Ойбек” пости орқали Тожикистонга Ангрен, Бекобод шаҳарлари ва Тошкент вилоятининг Бекобод, Пскент, Охангарон ва Бўка туманида яшовчилар, Ўзбекистонга эса Сўғд вилоятининг Бобожон Ғофуров, Матчи ва Ашт туманларида яшовчилар 45 кунлик муддатга визасиз ўтиши мумкин.
21 февраль куни Ўзбекистон ҳукумати Тожикистон билан чегараларда битта темир йўл ва 8та автомобиль назорат ўтказиш пунктлари фаолиятини қайта жонлантириш тўғрисидаги қарорни имзолаган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев 9-10 март кунлари Тожикистонга давлат ташрифи билан бориши кутилмоқда. Мазкур ташриф доирасида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида визасиз борди-келди тўғрисидаги шартноманинг ҳам имзоланиши режалаштирилган.