Македонияликлар мамлакат номи ўзгартирилишига қарши намойиш ўтказди

Македонияда норозилик митингги.

Бир неча минг македониялик Греция талаби билан мамлакат номи ўзгариши эҳтимолига қарши пойтахт Скопьеда норозлик намойиши ўтказди.

Бир неча жамоат ташкилоти томонидан уюштирилган митингга совуқ ва қорга қарамай келган намойишчилар мамлакат байроғини кўтариб, “Яшасин, Македония”, деб ҳайқирдилар.

Норозилар Македония ва Греция ҳукумати ўртасида "Македония" номини ўзгартириш масаласида кетаётган музокаралар тўхтатилишини талаб қилди. Улар бош вазир Зоран Заевни миллатга хиёнатда айбладилар.

Аввалроқ Зоран Заев Греция Македонияга тўртта номни таклиф қилаётганини айтган эди:

-Шимолий Македония Республикаси, Юқори Македония Республикаси, Вардар Македония Республикаси ва (Скопье) Македония Республикаси деган номлар таклиф қилинмоқда. Яъни бизнинг пойтахтимиз географик ўзгачаликни англатади. Албатта, бизнинг ҳукуматимиз учун пойтахтимиз номидан келиб чиқадиган аталишни қабул қилиш маъқулроқ бўлади, -деди Зоран Заев.

Греция 26 йилдан бери Македония томонидан "Македония" номи қўлланилишига қарши чиқиб келади.

Афина ушбу номдан фойдаланиш ўзининг Македония деб аталувчи вилоятига қарши ҳудудий даъволарни назарда тутади, деб ҳисоблайди.