Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати 27 февраль куни вазирлик таркибий тузилишига президент қарори билан “ички ишлар органларида ёш кадрлар салоҳиятини ошириш тизимини яратиш, уларнинг касбий маҳоратини юксалтириш учун ҳурмат ва обрўга эга бўлган ходимларнинг ички ишлар органларидаги бой амалий тажрибасидан фойдаланиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси лавозими” киритилганини билдирди.
Бу расмий баëнот эълон қилинишидан олдин Озодлик 1991-2005 йиллар давомида Ички ишлар вазири бўлиб ишлаган 68 яшар Зокиржон Алматовнинг Ички ишлар вазирлигида янги таъсис этилган вазир маслаҳатчиси лавозимига тайинланганини хабар қилган эди.
27 февраль куни вазирлик шахсий таркибига расман маслаҳатчи мақомида тақдим этилган Зокиржон Алматов¸ Озодликка мажлис иштирокчиларидан бири юборган аудиоëзувда¸ ўзи ишлаган вазирликка қайтгани учун президент ва вазир Пўлат Бобожоновга миннатдорчилик билдирди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Вазирлик баëнотида¸ янги лавозим билан ўзи бошқарган тизимга қайтган Зокиржон Алматовнинг “ҳаётий бой тажрибага эга, кўп йиллар давомида республикада жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга катта ҳисса қўшган” шахс экани айтилган.
2005 йилнинг 13 май куни Андижонда юзага чиққан қонли воқеалардан кўп ўтмай 2005 йил декабрида истеъфога чиқарилган Зокиржон Алматов¸ Андижон қирғини учун масъул амалдорлардан бири кўрилади.
Алматов Андижон воқеалари ортидан ЕИ қабул қилган санкциялар доирасида иттифоқ ҳудудига кириши тақиқланган ўзбек расмийларидан бири эди.
ЕИ санкцияларини узайтириш 2007 йил октябрида тўхтатилган.