“Дўстлик”даги вазият бир кунда кескин оғирлашди (ВИДЕО)

"Дўстлик" назорат-ўтказиш пунктида чегарадан ўтиш учун навбат кутаётганлар сони бир кунда уч баробарга кўпайди.

Ўзбекистон - Қирғизистон чегарасидаги “Дўстлик” назорат - ўтказиш пунктида Қирғизистондан Ўзбекистонга ўтиш учун навбат кутаётганлар сони бир кунда уч баробарга кўпайиб, 1,5 минг кишига етди. Бир кун аввал навбат кутаётганлар сони 500 кишидан ошмаётгани, шунда ҳам чегарадан ўтиш учун одамлар камида 5-6 соатлаб навбат кутаётгани хабар қилинган эди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

“Дўстлик”даги вазият бир кунда кескин оғирлашди

“Дўстлик” назорат-ўтказиш пунктида бир кун ичида чегарадан ўтишга навбат кутаётганлар сони 1,5 мингга етгани оқибатида бу ерда ур-йиқит бўлгани кузатилди.

Воқеа жойида бўлган Озодлик радиоси мухбирларининг билдиришича, бир неча соатлаб навбат кутиб чарчаган одамлар чегара тўсиқларидан ошиб ўтишга ҳаракат қилган. Айрим одамларнинг қон босими ошиб кетган, бироқ уларга тиббий ёрдам кўрсатувчи шифокорлар бўлмаган.

Қирғиз чегарачилари вазият кескинлашиб кетмаслиги учун қариялар, ногиронлар ва ҳомиладор аёлларни навбатсиз ўтказишга ҳаракат қилишмоқда.

"Дўстлик" чегарасидаги навбатлар

Расмийларга кўра, баҳор келиши билан савдо-сотиқ қилиш учун икки томонга ўтаётган одамлар сонининг кўпайгани мана шундай вазиятга сабаб бўлди.

Бир неча кун аввал Озодлик радиосининг ўзбек ва қирғиз хизматлари мазкур назорат ўтказиш пунктида деярли ҳар куни 500 нафардан ортиқ одамдан иборат навбатлар пайдо бўлаётгани ва чегарадан ўтиш учун фуқаролар камида 5-6 соат вақт сарфлаётгани тўғрисидаги видеони эълон қилган эди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги турнақатор навбатлар

Қирғизистон Чегара хизмати матбуот котиби Салқинай Абдикариева чегарада юзага келган бундай вазиятни ўтказиш пунктининг Қирғизистон томонида жой торлиги ва шунинг учун қўшимча назорат кабиналарини қўйишга имконият йўқлиги билан изоҳлади.

Расмий шу муносабат билан яқин кунларда назорат-ўтказиш пунктини кенгайтириш ишлари бошланишини билдирган.

2017 йил сентябрда Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарадан ўтишлар бўйича чекловни бекор қилган.