2 март куни Озодликка маълум бўлишича¸ Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Бўстонлиқ туман суди ажрими билан Чирчиқдаги 64/6-сонли колонияда жазо муддатини ўтаётган “Эрк” демократик партияси фаоли, 54 яшар журналист Юсуф Рўзимуродов 22 февраль куни озодликка чиқарилди.
-1999 йилда қамалган журналист муддатидан аввал шартли озод қилиш билан чиқарилган. Яқинларига кўра¸ аҳволи яхши ¸ деди бу ҳақда Озодликка хабар берган ҳуқуқ фаоли Исмоил Адилов.
Айтилишича¸ Юсуф Рўзимуродов айни вақтда Қашқадарё вилояти Миришкор тумани “Жейнов” қишлоғидаги уйида яшамоқда.
1999 йилнинг 16 февралидаги Тошкент портлашларидан кўп ўтмай қўлга олинган Юсуф Рўзимуродов Тошкент вилояти суди ҳукми билан Жиноят Кодексининг 158-моддаси (Ўзбекистон Республикаси президентига тажовуз қилиш), 159-моддаси (Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз), 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш), 242-моддаси (Жиноий уюшма ташкил этиш) билан 15 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Унинг қамоқ муддати кейинчалик яна узайтирилган.
Журналист Муҳаммад Бекжон, ёзувчи Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов)лар билан биргаликда судланган Рўзимуродов ўз пайтида Қашқадарё вилояти Миришкор туманидаги ўрта мактабда рус тили ва адабиёти фанидан сабоқ берган ва “Эрк” газетасининг мухбири сифатида фаолият олиб борган.