Беруний ҳокими бюджет ходимларини обунага мажбурлади (ВИДЕО)

Қорақалпоғистоннинг Беруний туманидаги айрим бюджет ташкилотларида ишловчилар туман ҳокими бу йил ҳам уларни даврий нашрларга обуна бўлишга мажбурлаётгани ва ойликларидан обуна учун пул ушлаб қолинаётгани ҳақида Озодликка шикоят қилди.

Беруний тумани ҳокимлигида ўтказилган мажлисда ҳоким Фарҳод Эрмонов туман ҳокимлигининг нашри ҳисобланган “Халқ минбари” газетаси ва Беруний тумани ҳокимлиги ҳамда “Беруний авлодлари” жамоат фонди муассислигида нашр этилувчи “Тамаддун нури” журналига камида 1 миллиард сўмдан обуна бўлишни шарт қилиб белгилаган.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Беруний тумани ҳокими обуна ҳақида гапирмоқда

Шу мажлисда қатнашган бюджет ходимларидан бири Озодликка бу ҳақда маълум қилди.

"Кўча супурувчилардан тортиб ўқитувчиларгача 200 минг сўмдан мажбурий обуна қилинмоқда", - дейди исми сир қолишини истаган берунийлик ўқитувчи.

Туман ҳокимлигидаги мажлисда қатнашганлар ҳоким Фарҳод Эрмонов "Халқ минбари” газетаси ва “Тамаддун нури” журналига обуна бўлиш учун бюджет ташкилотларига босим ўтказаётгани акс этган видеони ҳам Озодликка жўнатишди.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Беруний тумани ҳокимлигида обуна масаласи

Беруний туманида обуна бўлиши керак бўлган ташкилотлар рўйхати ҳам Озодликка ихтиёрига келиб тушди.

Рўйхатда қайси ташкилот қанча ходимини обуна қилдириши ёзилган.

Беруний туманида обуна бўлиши керак бўлган ташкилотлар рўйхати.

Озодлик бюджет ходимлари нега обунага мажбурланиши юзасидан изоҳ сўраб Беруний тумани ҳокими Фарҳод Эрмоновга боғланди.

Лекин, жаноб Эрмонов саволни эшитиши билан телефонни қўйиб қўйди.

Мажбурий обуна ўзбекистонлик истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг бир кўринишидир.

Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси ходими Шерали Турғуновнинг Озодликка айтишича, амалдаги қонунларга кўра, истеъмолчини газета-журналларга обуна бўлишга мажбурлаш мумкин эмас:

- Обунага мажбурлаш қонунга зид. Лекин шу пайтгача бирон фуқародан мажбурий обуна юзасидан шикоят тушмаган, - деди Турғунов.

Ўзбекистонда ишдан ҳайдалиш таҳдидлари остида қолган бюджет ташкилотлар ходимлари эса судга мурожаат этишга журъат этолмасликларини айтишади.

“Матбуот тарқатувчи” ҳиссадорлик жамиятига кўра, Ўзбекистонда 1 минг 200дан зиёд газета ва журнал чиқади.