Македония пойтахти Скопьеда ўн мингга яқин одам мамлакат номи Греция талаби ортидан ўзгартирилиши эҳтимолига қарши норозилик намойиши ўтказди.
-Биз ўз номимизни ҳимоя қилаяпмиз, бу ном ўзгаришига қаршимиз. Бу номни бизга ҳеч ким тортиқ қилмаган, бу номни биров махсус ўйлаб топмаган. Македония деган ном абадийдир ва у сақланиб қолиниши лозим, - деди намойишга чиққанлардан бири Борче Кимовски.
Греция 26 йилдан бери Македония томонидан "Македония" номи қўлланилишига қарши чиқиб келади.
Афина ушбу номдан фойдаланиш ўзининг Македония деб аталувчи вилоятига қарши ҳудудий даъволарни назарда тутади, деб ҳисоблайди.
Аввалроқ Бош вазир Зоран Заев Греция Македонияга тўртта номни таклиф қилаётганини айтган эди:
-Шимолий Македония Республикаси, Юқори Македония Республикаси, Вардар Македония Республикаси ва (Скопье) Македония Республикаси деган номлар таклиф қилинмоқда. Яъни бизнинг пойтахтимиз географик ўзгачаликни англатади. Албатта, бизнинг ҳукуматимиз учун пойтахтимиз номидан келиб чиқадиган аталишни қабул қилиш маъқулроқ бўлади, -деди Зоран Заев.