Ўзбекистон Қирғизистоннинг юкларини темир йўл орқали транзит қилиш ҳақини 30 фоизга арзонлатди. Бу ҳақда Озодлик радиоси қирғиз хизматига “Қирғиз темир йўли” ширкати матбуот котиби Эркин Кайимов 5 март куни маълум қилди.
Хабарда айтилишича, 22 февралдан бошлаб 2018 йилнинг охиригача Ўзбекистон темир йўллари орқали транзит қилинадиган Қирғизистонга қаршали юкларнинг барчасига 30 фоизлик имтиёз қўлланилади.
Аввалроқ Ўзбекистон ташиладиган юк миқдори 300 минг тоннадан ошганидан кейингина транзит ҳақини 30 фоизга арзонлатишга рози бўлгани ва бу борадаги шартнома 2017 йилнинг 13-14 декабрда Тошкентда ўтган учрашувда имзолангани хабар қилинган эди.
Ўтган йилнинг сентябрида Ўзбекистон Қирғизистон билан чегараларда барча чекловларни олиб ташлаганидан сўнг савдо-сотиқ жонланиб, қирғизистонлик тадбиркорлар Тошкентдан юк транзити учун темир йўл ҳақини арзонлатишни илтимос қилиб келаётгандилар.
Бундан аввалроқ Ўзбекистон тожикистон учун темир йўл транзити ҳаққини 30 фоизга арзонлатган эди.