9 март куни Тожикистон пойтахтида ўтказиладиган “Дўстлик оқшоми” концертида иштирок этиш учун 100 дан ортиқ ўзбекистонлик санъаткор Душанбега келди.
Ўзбек санъаткорлари гуруҳида Юлдуз Усмонова, Шерали Жўраев, Фаррух Зокиров ва Озодбек Назарбеков каби таниқли қўшиқчилар бор.
Душанбедаги энг катта концерт қасри -“Кохи Борбад”да бўлиб ўтадиган бу коншертда ҳар иккала давлат президентларининг қатнашиши кутилмоқда.
Тожикистон Маданият вазирлиги маълумотига кўра, ўзбек ва тожик санъат юлдузлари иштирокидаги қўшма концертда Нигина Амонқулова, Давлатманд Холов каби юздан ортиқ тожик қўшиқчи, раққоса ва мусиқичилари ҳам иштирок этади.
Мазкур концерт Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 9 март куни Тожикистонга бошлайдиган давлат ташрифи доирасида ўтказилаëтган йирик маданий тадбирдир.
Ўзбек президентининг Душанбега қиладиган илк ташрифи чоғида қўшнилар ўртасидаги савдо-иқтисодий¸ маданий-маърифий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 25 дан ошиқ келишувнинг имзоланиши кутилмоқда.